"Турк ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги" (TIKA) вакиллари билан учрашув

06/12/2022 - 18:08 146

Жорий йилнинг 5 декабрь куни Ўзбекистон Банклари Ассоциациясида «Турк ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги» (TIKA) ҳамда Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда, Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлигининг (TIKA) Ўзбекистондаги Ваколатхона рахбари Жемалеттин Туней, Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги директори Мирзоҳид Убайдуллаев, директорнинг биринчи ўринбосари Мухтор Шоназаров ва бошқа тегишли вакиллар иштирок этишди.

 

 

Учрашув давомида, меҳмон томонга Агентликнинг барча вазифа ва функциялари ҳамда ҳоким ёрдамчилари фаолияти ва улар томонидан 10 ой давомида амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумотлар берилди. Бундан ташқари, Япония билан ҳамкорликда “Бир маҳалла – бир маҳсулот” лойиҳаси доирасида ташрифлар амалга оширилиб, ҳоким ёрдамчилари билан бирга Япония билан тажриба алмашиш учун тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ҳамда ҳоким ёрдамчиларининг ишларини янада мувофиқлаштириш юзасидан Туркия мутахассисларини жалб қилиш таклифи билдирилди.

 

 

Учрашувда, Жемалеттин Туней Ўзбекистон ҳудудларни ривожлантиришда жуда тўғри ёналиш олиб бораётгани, нафакат ҳудуд балки, ҳар бир туман, маҳалла ичига кириб ҳар бир хонадоннинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини ўрганиш тўғри йўналиш эканлиги ва бунда ҳоким ёрдамчилари лавозими жорий этилганлиги мақсадга мувофиқ бўлганини айтиб ўтди. Бундан ташқари, Туркияда охирги 30 йил ичида амалга оширилган иқтисодий ислоҳотлар, ишлаб чиқариш, савдо-саноат, қишлоқ хўжалигида олиб борилган ишлар тўғрисида маълумот берди.

 

 

Учрашув сўнггида, икки томон кичик бизнес ва ўрта тадбиркорликни ривожлантириш, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича “йўл харита”сини ишлаб чиқиш ҳамда икки давлат мутахассислари иштирокида тренинг курсларини ташкил қилиш, шунингдек икки ташкилот ўртасида ўзаро ҳамкорлик Меморандуми тузишга келишиб олинди.