“Бир маҳалла-бир маҳсулот” дастури доирасида Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) вакиллари учун пресс тур ташкил этилди

30/11/2022 - 15:07 134

Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) вакилларидан иборат таркиб Ўзбекистонда“Бир маҳалла-бир маҳсулот” дастурини амалга ошириш имкониятини ўрганиш юзасидан жорий йилнинг 26-29 ноябрь кунлари ҳудудлардаги маҳаллаларда мавжуд маҳсулот ишлаб чиқаришдаги ихтисослашув ҳолатини, тегишли ташкилотларнинг ушбу фаолиятдаги ўрни ва вазифалари билан танишиш мақсадида Самарқанд, Фарғона ва Наманган ҳудудларига ташриф буюришди.

 

 

“Бир маҳалла-бир маҳсулот” дастури доирасидаги ташриф дастлаб Самарқанд вилояти Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг ҳудудий бошқармасида бўлди. Бошқарма бошлиғи Б.Рафеев "маҳаллабай" ишлаш тизими буйича ҳоким ёрдамчилари томонидан амалга оширилган ишлар, фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, даромадларини ошириш мақсадида қилинган ишлар ҳамда 2023 йилги режалар хусусида JICA вакилларини тақдимот маълумотлари билан таништирди. Ўз навбатида JICA вакиллари ҳам Қирғизистонда “Бир маҳалла-бир маҳсулот” дастурлари асосида амалга оширилган ишлар билан таништириб ўтишди. Келгусида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Шундан сўнг "Самарқанд ҳунармандлар маркази"даги  мис уймакор Абдулло Саидов, каштачи Мавлуда Ҳамдамова, ёғоч ўймакор Жамол Эсанов каби ҳунармандлар ҳамда уларнинг ишлари билан яқиндан танишишди. Бундан ташқари, Самарқанднинг диққатга сазовор жойларини зиёрат қилишди, совғалар (сувинерлар) савдо дўконларида бўлишди. 

 

 

28 ноябрь куни эса Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) вакили KIKUCHI Shingo Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш Фарғона вилоят бошқармаси бошлиғи А.Абдуллаев, “Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бошқарма бошлиғи Р.Мирзаахмедов билан биргаликда “Бир маҳалла-бир маҳсулот” дастурини амалга ошириш имкониятини ўрганиш мақсадида Риштон туманидаги ҳунарманд “Мингбоши керамик” оилавий корхонаси раҳбари Аҳмаджонов Шокиржоннинг фаолияти билан танишишди.

 

 

Маълумот учун: “Мингбоши керамик” оилавий корхонасида ҳозирги кунда 102 нафар доимий ишчи-ходимлар фаолият олиб бормоқда. Бундан ташқари, оилавий корхона томонидан кулолчилик кластери ташкил этилган бўлиб, кластерда 3052 нафар аҳолининг бандлиги таъминланган. 

 

Шундан сўнг, меҳмонлар Марғилон шаҳридаги "Марғилоний" маҳалласида фаолият юритувчи ҳоким ёрдамчиси Отаджонов Искандар, лидер тадбиркор Абдубаннопов Шерзодбек билан биргаликда, уста-ҳунармандлар Тоштемиров Набижон ҳамда Мадоров Бахтиёржон хонадонида бўлиб, ипакдан тайёрланаётган маҳсулотларнинг тайёрланиш жараёнидан бошлаб, тайёр маҳсулот ҳолига келгунга қадар бўлган жараёнларни кўздан кечирди. 

 

 

29 ноябрь куни “Бир маҳалла-бир маҳсулот” дастури доирасида JICA вакиллари Наманган вилояти Учқўрғон туманига ташриф буюрди. Дастлаб, “Соҳил” МФЙдаги кооперация усулида интенсив (форель) балиқлари етиштириш фаолияти билан яқиндан танишди.

Хусусан, “Соҳил” МФЙда “Учқўрғон форель балиқлари” МЧЖ ташкил этилган бўлиб, асосан ушбу лойиҳа 690 нафар фуқароларга балиқ ҳовузлари тайёрланган бўлиб, асосан ишсизлар, Аёллар дафтари, Ёшлар дафтари ва Темир дафтарга киритилган фуқароларни қамраб олади. 

 

 

Натижада, тумандаги сектор ҳудудларидаги 690 нафар фуқаро балиқчилик ташкил этиш орқали “Ёшлар, Аёллар ва Темир дафтари”дан чиқарилиши таъминланди.

Шундан сўнг, Наманган туманининг "Наврўз" МФЙда “НАМАНГАН НАВРЎЗ ГУЛЛАРИ” МЧЖ томонидан оилавий кооперация усулида ташкил этилган гулчилик маркази фаолияти ўрганилди.

 

 

Хусусан етакчи “лидер” тадбиркор томонидан 300 млн.сўм кредит ажратиб берилиши ҳисобига 0,45 га ер майдонида иссиқхона ташкил этиб ҳамда ушбу иссиқхонада 1 млн донадан ортиқ 20 турдаги гул кўчатлари етиштирилмоқда.

Ҳозирда 30 нафар фуқаро доимий иш ўрни билан таъминланган, энг муҳими бу ерда 20 нафардан зиёд фуқаролар устоз шогирд асосида фаолият олиб бормоқда.

 

 

Ташриф якунида эса, (JICA) вакили KIKUCHI Shingo вилоят хокимининг биринчи ўринбосари Т.Юсупов қабулида бўлиб, “Бир маҳалла-бир маҳсулот” дастури доирасида амалга оширилган ишлар юзасидан Марказ рахбарлари, ҳоким ёрдамчилари ва тадбиркорлар иштирокида тақдимот ўтказилди.